ТОШКЕНТ, 5 авг - Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги интернет тармоқларида “Sputnik V” вакцинасининг компонентлари етишмовчилиги кузатилаётгани ҳақида тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, шу кунга қадар Ўзбекистонга 370 минг доза “Sputnik V” вакцинаси олиб келинган.
Уларнинг 230 000 дозаси 1 – компонент, 140 000 дозаси 2-компонент ҳисобланади. 2021 йил 4 август ҳолатига кўра, 341 260 доза “Sputnik V” эмлаш жараёнларида қўлланилган бўлиб, 212 818 нафар шахс вакцинанинг фақат биринчи дозасини олган.
128 442 нафар фуқаро 2-дозани ҳам қабул қилиб, тўлиқ эмланган.
Маълум бўлмоқдаки, вакцинанинг ҳар иккала компонентлари миқдори тенглашиши учун юртимизга яна 90 минг доза вакцина келтирилиши керак.
""Sputnik V"нинг 90 минг дозалик 2-компоненти яқин кунларда юртимизга келтирилиши кутилмоқда. Қолаверса, Гамалея номли илмий тадқиқот институти директори Александр Гинцбург ва соҳанинг қатор нуфузли олимлари “Sputnik V” вакцинасининг биринчи ва иккинчи компонентлари билан эмланиш оралиғини 21 кундан 90 кунгача узайтириш мумкинлигини маълум қилишган. Хулоса қилиш мумкинки, вакцинанинг компонентларини қабул қилиш оралиқ муддати узайиши ҳам унинг таъсир кучига монелик қила олмайди", - дейилади вазирликнинг расмий баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Олмалиқ шаҳридаги “Jurabek laboratories” қўшма корхонасида ҳам коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Шу йилнинг 29 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев ушбу корхона фаолияти билан танишган эди.