Самарада паспорти олиб қўйилган ва маоши берилмаган ўзбекистонликларга ёрдам кўрсатилди

Иш берувчи олдиндан келишилган ҳар ой учун 40 минг рубль иш ҳақларининг 3 ойлигини ҳам бермаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Россиянинг Самара вилоятида мажбурий меҳнатга жалб қилинган бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг муаммоси ҳал қилинди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг май ойида оғзаки келишув асосида 6 нафар Ўзбекистон фуқаролари Самара вилоятидаги иссиқхонада вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган.
Иш берувчи уларнинг паспортларини олиб, патент расмийлаштирган. Аммо ҳужжатларини қайтариб бермаган. Шунингдек, олдиндан келишилган ҳар ой учун 40 минг рубль иш ҳақларининг 3 ойлиги берилмаган.
Фуқаролар Агентлигининг Самара вилоятидаги ваколатхонасига видеомурожаат орқали паспортларини олиб бериб, мажбурий меҳнатдан озод қилишларини сўраган.
Ваколатхона ходимлари Самара вилояти Кинель шаҳри ички ишлар бошқармасига ўзбекистонликларни мажбурий меҳнатдан озод қилишда ёрдам сўраб, ариза ёзган.
Натижада муаммо ўрганилган ва қисқа муддатда ички ишлар ходимлари билан биргаликда уларнинг иш жойларига бориб, муаммолари ҳал этилган.
Паспорти олиб қўйилган ва иш ҳақи тўланмаган 25 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди – ТИВ