ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон президенти сайловида қатнашиш учун ўз номзодини эълон қилди.
Номзод партия Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маъқулланган. Маъқулланган номзодни съезд муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
“Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Обломуродов Нарзулло Наимович номзоди маъқулланди”, - дейилган хабарда.
Нарзулло Обломуродов февраль ойида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланган эди. У бунга қадар Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мамлакат президентлиги учун сайлов кампаниясига 23 июль куни расман старт берилди. Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтиши белгиланган.