ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик олимлар Афғонистон ҳудудида топилган олтин хазинани синчиклаб ўрганишга киришади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Маълумки, Афғонистон ҳудудида топилган “Кушон олтини” хазинаси инсоният тарихида энг йирик ва энг бой олтин буюмлар хазинаси ҳисобланади. Ушбу хазина 1978 йилда совет-афғон археологик экспедицияси томонидан топилган эди. Унинг таркибига эрамизнинг 1-4 асрларига доир 20 минг олтин буюмлар киради. Ўша вақтда Афғонистонда уруш бошланиб қолиши муносабати билан Кушон хазинаси охиригача қазиб олинмаган. Қазиб олинган буюмлар эса тўлиқ Қобулдаги Миллий музейга топширилган.
Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари келишувига кўра, ўзбекистонлик олимлар ушбу бебаҳо хазинанинг буюмлари билан ишлаш, уларни ўрганиш, суратга тушириш имконига эга бўлишди. Изланишлар натижасида ушбу хазинага бағишланган китоб-альбом чоп этилади.