Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштирилади.
Олмалиқда мис саноати кластери яратилади – президент
Ихтисослашган туманлардаги 156 минг гектар майдонда (шу жумладан 2021 йилда 50 минг гектар) узумзорлар барпо этилиб, уларни истеъмолчига етказишга қадар узлуксиз тизим яратилади.
2021 йил 1 августдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида 30 йил муддатга ижарага берилади.
Очиқ танловга ер участкалари деҳқон хўжаликлари ташкил этган ҳолда токзорлар барпо этиш учун – 0,06 – 1 гектар ўлчамларда, яхлит контурда йирик токзорлар барпо этиш учун 1 – 30 гектар ўлчамларда чиқарилади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси 34та кластерга ёғ нархи ошиши юзасидан иш қўзғатди
2021 йил 1 сентябрдан:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда юридик шахс мақомига эга бўлмаган, узумчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари ташкил этилади;
- аҳоли томорқаларида, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизми жорий этилади;
- узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади.
Картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилади
2022 йилдан ҳар икки йилда бир маротаба узумчилик йўналишида “энг яхши узум нави”, “энг яхши интенсив токзор”, “энг яхши маҳаллий узум нави”, “энг яхши вино маҳсулоти” каби номинацияларда ўтказиладиган республика кўрик танлови таъсис этилади.
2022 йил 1 январдан маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланади.
Шунингдек, 2021 йил якунигача Жиззах давлат университети ҳамда Фарғона давлат университетида узумчилик ва виночилик ривожланган хорижий давлатлар ОТМлари билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этилади.