ТОШКЕНТ, 29 июл - Sputnik. Россия ва мусулмон олами Ғарбнинг ахборот урушига қарши биргаликда қаршилик кўрсатиши керак, деб ҳисоблайди РФ ТИВ ахборот ва матбуот департаменти раҳбари ўринбосари Александр Бикантов.
"Глобал ахборот уруши омилини эсламасдан илож йўқ. У Ғарб томонидан қадриятлар ёндашувига эга, неолиберализмдан фарқ қиладиган мамлакатларга қарши бошланган ва олиб борилмоқда. Бунинг учун оммавий салбий ахборот фонлари шакллантирилади, давлатлардаги, жумладан, Россия, Хитой ва Эрон, шунингдек, мусулмон мамлакатларидаги барча муаммолар кўпиртирилади, уларнинг муваффақиятлари ҳақида эса гапирилмайди. Буларнинг ҳаммасидан мақсад - рақибларни глобал ахборот маконида максимал даражада обрўсизлантириш орқали кучсизлантиришдир ", - деди Бикантов Қозонда бўлиб ўтган "РФ-Ислом дунёси" саммитида чиқиши давомида.
Ахборот урушидаги яна бир ҳийла-найранг - Ғарбнинг дунё ОАВларини "тўғри" ҳамда давлат бюджетидан пул оладиган "нотўғри"ларга ажратишидир, дея қўшимча қилди у.
"Россия ТИВ шунга аминки, Москва ҳам, мусулмон дунёси ҳам ахборот урушларига йўл қўймаслик, ахборот кўп қутблилигини кучайтиришдан холисона манфаатдор. Қутблардан бири бу Шарқ мамлакатлари бўлиб, у ерда ҳамма тингланиш ҳуқуқига эга. Биз Ғарб грантлари монополияси кучсизланиши тарафдоримиз", дея қўшимча қилди РФ ТИВ вакили.
"Бизнинг умумий вазифамиз сохта хабарлар ва дезинформацияга қарши курашиш, тиқиштирилган стереотипларни ва диний ёки қадриятлар асосида мамлакатларни ва бутун халқларни обрўсизлантиришга уринишларни йўқ қилишдир", деб ҳисоблайди у.
"Фақатгина салоҳиятларни бирлаштириб, биз мусулмон олами билан ахборот урушларига қарши тура оламиз... Биргаликда биз соғлом кучлар қутбини кучайтира оламиз ва глобал медиа муҳитидаги мувозанатни адолат ва қонун фойдасига ўзгартира оламиз. Тўртта сабабчи - Вашингтон, Париж, Оттава ва Лондон ташаббуси билан ташкил этилган оммавий коммуникациялар дунёсидаги бўлиниш эса - ахборот соҳасидан ташқи сиёсий мақсадларга эришиш учун фойдаланишга қаратилган", - дея қўшимча қилди Бикантов.