ТОШКЕНТ, 27 июл - Sputnik. "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" президент Фармони имзоланди.
Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотларни талаб қилиш бекор қилинади:
- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;
- лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;
- давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотларни;
- қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни;
- кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотларни;
- жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;
- олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;
- жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
- жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
- фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;
- ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;
- олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;
Қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади:
- молиявий ҳисоботлар нусхаларини;
- жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;
- - ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридаги ҳужжат ва маълумотларни белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.