Юздан зиёд ўзбекистонликлар Космодром атрофидаги қурилишда ишлаш учун жўнаб кетишди

Таъкидланишича, ушбу фуқароларни карантин манзилига жойлаштириш, рўйхатга олиш, ишлаш ҳуқуқини берувчи патент, 3 маҳал овқат, ётоқхона, махсус кийим харажатлари иш берувчи томонидан қопланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июл - Sputnik. Намангандан 141 нафар фуқаро Космодром атрофидаги қурилиш объектларида ишлаш учун жўнаб кетди, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Хабарда айтилишича, мигрантлар ўртасида Россия Федерациясининг “Поволжское Строительное Предприятие” масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви асосида Агентликнинг минтақавий филиалларида қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар иштирокида танлов ўтказилган.
Россияда мигрантларни ишга ёлловчилар қаттиқ назоратга олинади
"Наманган вилоятида ушбу танловдан муваффақиятли ўтиб, тиббий кўрик натижалари ижобий чиққан 141 нафар фуқаро Наманган халқаро аэропортидан Россиянинг Амур вилоятида Космодром атрофидаги қурилиш объектларида ишлаш учун жўнаб кетди", - дейилади хабарда.
Тадбирда Агентликнинг Наманган вилояти филиали масъул ходимлари томонидан вақтиналик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларга ўз йўналишлари бўйича тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилиб, соҳаларга оид буклет, тарқатма материаллар берилди.
Таъкидланишича, ушбу фуқароларни карантин манзилига жойлаштириш, рўйхатга олиш, ишлаш ҳуқуқини берувчи патент, 3 маҳал овқат, ётоқхона, махсус кийим харажатлари иш берувчи томонидан қопланади.