Бухорода Асакабанк ходимлари икки миллион долларни "еб юборди"

ОТБнинг Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида ажратган кредитини бухоролик фирибгарлар еб юборди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июл – Sputnik. “Асакабанк” ходими Осиё Тараққиёт банкининг 2 млн. доллар миқдоридаги кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, талон-тарож қилиб юборди, деб хабар қилмлқда Бухоро влояти ИИББ.
Маълум бўлишича, “Асакабанк” Бухоро филиали собиқ мансабдори, “G.B.A.” ва “K.s” МЧЖлари раҳбарлари билан тил бириктирган ҳолда, ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан, 2 млн АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини қўлга киритган.
Кредит маблағлари етарлича кафолатланмагани ва ўз вақтида қайтарилмагани сабабли давлатга жами 1 млн 640 минг АҚШ долларидан (17,3 млрд. сўм) зиёд зарар етказилган.
“Осиё тараққиёт банки” томонидан ажратилган кредит маблағлари, аслида, Ўзбекистон президенти қарорига мувофиқ Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш мақсадларида ишлатилиши керак бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ: ЖКнинг 168-моддасининг 4 – қисми – “Уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик” қилишни назарда тутади. Ушбу жиноят учун 8 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси ёки етказилган зарарни тўлиқ қоплаган тақдирда – қамоқ жазоси қўлланмаслигини назхарда тутади.