Мирзиёев Германия президенти ва канцлерига ҳамдардлик билдирди

Мирзиёев Германия етакчисига ҳалокатли тошқинлар оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва Федерал Канцлери Ангела Меркелга ушбу мамлакат ғарбида рўй берган ҳалокатли тошқинлар оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан таъзия йўллади.
Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Германия халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Ўзбекистон ва Германия афғон қочқинларининг эҳтимолий оқимини муҳокама қилди
Германияда ҳафта бошидан бери "Бернд" бўрони келтириб чиқарган ёғингарчиликлар давом этмоқда. Асосий зарба ғарбий ва жануби-ғарбий минтақаларга тўғри келди, у ерда дарёлар, шу жумладан, Рейн дарёси қирғоғидан тошиб, кўчаларни сув босди.
Ҳалокатли тошқин қурбонларининг сони 156 кишига етди, мингдан ортиқ киши бедарак йўқолди.
Кобленц полиция бошқармаси маълумотларига кўра, Рейнланд-Пфальцда 110 киши ҳалок бўлди. Шимолий Рейн-Вестфалиядаги табиий офат туфайли 45 киши ҳаётдан кўз юмди ва камида бир киши Бавариянинг Берхтесгаден туманида ҳалок бўлди.
Рейнланд-Пфальц ва Шимолий Рейн-Вестфалия федерал штатларида айниқса оғир вазият юзага келган. Табиий офат кўприк ва йўлларнинг бузилишига, электр тармоқларнинг узилишига олиб келди.