“Ўзбекистон темир йўллари” қозоқ корхонасидан 44,5 минг доллар ундирди

"Ўзбекистон темир йўллари" ва Қозоғистоннинг "KZ-Экспорт 2018" корхонаси ўртасида юк вагонларини ижарага бериш шартномаси имзоланган. Қозоғистон томони шартнома шартларини лозим даражада бажармаган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл - Sputnik. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ фойдасига Қозоғистон корхонасидан 44,5 минг доллар ундирилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.
Хабарда айтилишича, Савдо-саноат палатасига унинг аъзоси "Ўзбекистон темир йўллари" мурожаат қилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраган.
Бизнес юритиш учун Ўзбекистоннинг энг қулай ва ноқулай ҳудудлари маълум бўлди
Маълум бўлишича, "Ўзбекистон темир йўллари" ва Қозоғистонда фаолият юритувчи "KZ-Экспорт 2018" корхонаси ўртасида юк вагонларини ижарага бериш шартномаси имзоланган. Бироқ, қозоқ корхонаси шартнома бўйича мажбуриятларни лозим даражада бажармагани, яъни юк вагонлари ўз вақтида қайтармагани натижасида Ўзбекистон томонига моддий зарар етказилган.
Шундан сўнг Қозоғистон корхонаси шартнома шартларини лозим даража бажармаганлиги оқибатида ҳисобланган жарима маблағларини ундириш юзасидан Савдо-саноат палатаси томонидан судга даъво аризаси киритилган.
"Тошкент шаҳар иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Палатанинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, Қозоғистон корхонаси ҳисобдан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фойдасига 44 580 АҚШ доллари миқдорида зарар ундириб берилган", - дейилади хабарда.