ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этадиган камералар рўйхатини чоп қилди.
Маълум қилинишича, пойтахтда мавжуд онлайн режимда ишловчи фоторадарлар сони 28 тани ташкил этмоқда ва уларнинг барчаси тезликни белгиланган меъёрдан оширишга қаратилган қоидабузарликларни қайд этади.
Интеллектуал режимда ишловчи камералар сони эса 89 тани ташкил этмоқда. Ушбу камералар светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш, тўхташ ва йўл чизиқларини босиш, тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш каби қоидабузарликларни қайд этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорларга автомобиль йўлларида фото ва видео фиксация воситаларини ўрнатишга рухсат берилган эди.
2021−2022 йилларда республика бўйича жами 3356 та интеллектуал видеокамералар ва 763 та стационар радарлар, жумладан, Тошкент шаҳрида жами 2574 та фото ва видео регистраторлар ўрнатилиши режалаштирилган.