ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Бош вазир Абдулла Арипов барча вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, Тошкент ва вилоятлар ҳокимликларига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқ берди. Ҳукуматнинг тегишли ҳужжати 1 июль куни имзоланган.
Унда 1 августга қадар қуйидагилар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланиши кераклиги таъкидланган: барча жой ва кўча номлари, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар, иш қоғозлари ва турли бланклар.
Қайд этиш жоизки, Вазирлар маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги қарори билан юқоридагиларни 2022 декабрига қадар лотин алифбосига ўтказилиш белгиланган эди.
Бироқ бош вазир қарорига биноан Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ушбу вазифани 2021 йилнинг 1 августига қадар бажариш масаласи қўйилган.