Депутат ҳукуматдан ёз ойлари учун тонировкани бепул қилишни сўради

Депутат Дониёр Ғаниев раҳбарлардан ёз мавсумида тонировкани бепул қилишни сўради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев раҳбарлардан ёз мавсумида тонировкани бепул қилиш ҳақида пост ёзди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳозирда аномал иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилмоқда. Депутатнинг фикрича, бундай ҳароратда фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва меҳнат самарадорлиги пасаяди.
“Тонировкани пуллик қилишни ўйлаб топган ҳурматли раҳбарлар, иқтисодиёт ўсиши, бюджетга кўпроқ пул тушишини истасангиз, тонировка нархларини ёз ойлари учун бекор қилинг”, - деб ёзган депутат.
“Тонировка” нархини пасайтириш режалаштирилмоқда
Эслатиб ўтамиз, июн ойи ўртасида тонировка нархини пасайтириш юзасидан депутатлик сўрови 2-3 хил таклиф билан ИИВга юборилгани ҳақида депутат Дониёр Ғаниев маълум қилганди.
ИИВ ушбу сўровга аниқ жавоб бермаган, бироқ тонировка нархини камайтириш юзасидан Президент администрацияси томонидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бу лойиҳага вазирлик ўз таклифларини билдирилган.
Ҳозирги кунда автомобилларнинг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) рухсатномаси нархи жисмоний шахслар учун 5 БҲМ (1 225 000 сўм) этиб белгиланган. Ҳам орқа, ҳам олд ён ойналар тонировкаси учун эса 50 БҲМ (12 250 000 сўм) нарх сақланиб қолмоқда.