ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб қатор соҳа ходимларини коронавирусга қарши эмлаш мажбурий этиб белгиланди. Мамлакат бош санитар врачи тегишли қарорга имзо чекди.
2 июлдан аҳолига хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ, тиббиёт, таълим соҳасидаги ходимлар коронавирусга қарши эмланишлари шарт.
Эмланмаган ходимлар ҳафтада бир марта ковидга ПЗР тест топширади. Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой тест учун пулни ходимларнинг ўзи ёки уларнинг иш берувчилари тўлашларига тўғри келишини айтган.
Бу қарор коронавирусга қарши эмланишда тиббиёт нуқтаи назаридан узрли ҳолатлари бўлган кишилар ҳамда сўнгги уч ой ичида бу касалликни бошдан кечирганларга тааллуқли эмас.
Вакцинанинг биринчи компонентини 2021 йил 15 июлигача, иккинчи компонентини эса 15 августигача олиш керак.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг қатор минтақаларида, жумладан, Москвада аҳолининг 60 фоизини коронавирусга қарши эмлаш мажбурий этиб белгиланган. Мажбурий эмланиш савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, уй-жой коммунал, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ҳамда гўзаллик салони, фитнес-клуб, театр, кинотеатр, концерт заллари ва бошқа соҳаларда ишловчи ходимларга тааллуқли.