ЖБ Ўзбекистонда электроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун 380 млн доллар ажратади

Лойиҳа "Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" учун устувор инвестицияларни молиялаштириш орқали эскирган энергия инфратузилмасини модернизация қилишга ёрдам беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши "Электроэнергетика тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш" лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси 380 миллион доллар, Яшил иқлим фонди (ЯИФ) 43 миллион доллар кредит ажратади. Молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкаларида тақдим этилади ва тўловнинг энг узоқ муддати 40 йилгача бўлади. Шунингдек, ЯИФ лойиҳа доирасидаги алоҳида тадбирлар учун 4 миллион доллар миқдорида грант ажратади.
Лойиҳа "Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" учун устувор инвестицияларни молиялаштириш орқали эскирган энергия инфратузилмасини модернизация қилишга ёрдам беради. Лойиҳа фаолияти, жумладан, Ўзбекистоннинг 11 та ҳудуларида 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва кенгайтиришни, шунингдек 500 киловаттлик янги подстанцияни ва электр узатиш линияларини қуришни ўз ичига олади.
Электр энергиясини узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплутация қилиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида лойиҳа доирасида замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ва ечимлари жорий этилади. Уларга диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш учун янги дастурий-аппарат мажмуаси (SCADA), шунингдек, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ марказий ва ҳудудий диспетчерлик марказлари учун электр энергиясини бошқариш тизимини (EMS) яратиш киради.
Жаҳон банки Ўзбекистон солиқ соҳасидаги ислоҳотлар учун 60 млн доллар ажратади
Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистонни Афғонистон, Қозоғистон ва Тожикистон электроэнергетика тизимлари билан боғлайдиган инфратузилмаларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали Марказий Осиёда минтақавий энергия савдосини ривожлантиришга ёрдам беради.