Бухорода 25-30 ёшлардаги ўндан ортиқ эркакка таносил касаллигини юқтирган аёл аниқланди

Қоракўл туманида истиқомат қилувчи 26 ёшли аёл жорий йил 20 майдан таносил касаллигини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Бухоро вилоятида ўндан ортиқ эркакка таносил касаллигини қасддан юқтирган аёл аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қоракўл туманида истиқомат қилувчи 26 ёшли аёл 2021 йилнинг 20 май кунидан эътиборан таносил касаллигини юқтириб олган шахс сифатида вилоят Тери-таносил касалликлар диспансери томонидан рўйхатга олинган. Аёл касалликни бошқа шахсларга юқтирмаслик, бундай хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилган ва ундан тилхат олинган.
Бухорода аёлларга қасддан ОИВ вирусини юқтирган йигит қўлга олинди
Шунга қарамасдан аёл 25 майдан 6 июнга қадар Жондор туманида яшовчи 25-30 ёшлар атрофидаги ўндан ортиқ шахслар билан турли жойларда ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, уларга таносил касаллигини юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 113-моддаси 3-қисми "а" банди (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилояти Жондор туманида ОИВ инфекциясини била туриб, ўзгага юқтирган аёл аниқлангани хабар қилинган эди.