Мигрантлар қонунга амал қилиш ва Россияга зарар етказмаслик ҳақида шартнома имзолайди

Россия ИИВ хулосасига кўра, ушбу тартиб мигрантларга қоида ва чекловлар ҳақида маълумот бериш ва юмшоқ маъмурий-профилактик чора вазифасини бажариши керак.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июл – Sputnik. Россияга визасиз тартибда кириб келаётган мигрантлар мажбурий тартибда дактилоскопия (бармоқ излари топшириш) ҳамда виза билан кириб келаётган мигрантлар “Қонун қоидаларга амал қилиш шартномаси” (соглашение о лояльности) имзолайди, деб хабар қилмоқда ТАСС Россия ИИВга асосан.
Ушбу тартиб Россияда айни дамда ишлаб чиқилаётган миграция ҳақидаги янги қонун концепциясида айтиб ўтилган.
“Қонун қоидаларга амал қилиш шартномаси” - меҳнат мигрантлари Россия ҳудудида бўлиш ва меҳнат фаолиятини амалга оширишда амалдаги қонун-қоидалардан ва уларни бузиш оқибатларидан хабардор эканини маълум қилади ва Россияга зарар етказмасликни ваъда беради, - дейилган хабарда.
Ундан ташқари, шартномада хорижий фуқаро қонун-қоидаарни бузиши оқибатида уни Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш (депортация) қилишга тўғри келса, ушбу жараён билан боғлиқ харажатларнинг хорижий фуқаронинг ўзи қоплаш мажбурияти юкланади.
Хабарда айтилишига кўра, “Қонун қоидаларга амал қилиш шартномаси” (соглашение о лояльности) Россия ҳудудига виза орқали кириб келаётган мигрантлар имзолайди.
ИИВ маълум қилишига кўра, ушбу чора мигрантларга Россияда белгиланган қонун-қоидалар, чеклов ва таъқиқлар ҳақида маълумот бериш, огоҳлантириш ва юмшоқ маъмурий-профилактик чора вазифасини бажариши керак.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда рухсат берувчи ҳужжатлар муддати тугаган меҳнат мигрантларига Россияда қолиш 2021 йилнинг 30 сентябрига қадар узайтирилган.