Тожикистон Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтирди

Ҳозир Бадахшонда чегарадаги вазиятни ўрганиш учун Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо бўлиб турибди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Тожик-афғон чегарасининг Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги қисмини қўриқлаш кучайтирилди, чегарачилар юқори тайёргарликда. Бу ҳақда вилоят раҳбари Ёдгор Файзов маълум қилди, дея ёзади РИА Новости.
“Афғонистондаги хавфсиз бўлмаган вазият бизни ички барқарорликни таъминлашга чақиради, давлат чегарасининг эҳтимолий бузилиши рўй бергудай қолса, чегарачиларимиз юқори тайёргарлик режимида”, - деди Файзов.
Унинг сўзларига кўра, вазият ёмонлашса, ҳудуд қочишга мажбур бўлган кишиларни қабул қилиши мумкин.
“Иқтисодий ва сиёсий имкониятларимизни инобатга олган ҳолда 10 мингдан зиёд афғон биродарларимизни қабул қилишга ва уларнинг хавфсиз жойи ҳақида ғамхўрлик қилишга тайёрмиз”, - дейди вилоят раҳбари.
Шойгу Афғонистондаги вазиятга баҳо берди
Файзов ҳозир Бадахшонда чегарадаги вазиятни ўрганиш учун мамлакат мудофаа вазири Шерали Мирзо бўлиб турганини қўшимча қилди.
22 июнь куни “Толибон”* радикал ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Шерхон-Бандар чегара комиссариатига ҳужум қилди. Афғонистон кучларининг 134 нафар ҳарбийлари жангариларга қаршилик кўрсата олмади ва “Панж” чегара отрядининг 3 ва 4-заставалари орқали Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлди.
Тожикистонлик чегарачилар инсонийлик ва аҳил қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда давлат чегарасини ёриб кирган афғонистонлик ҳарбийларга ҳеч қандай тўсиқсиз Тожикистон ҳудудига ўтишга рухсат берган. Афғонистон ҳарбий хизматчилари орасида 4 киши яраланган ва бир киши ҳалок бўлган.
Тожикистонда Афғонистон билан чегарага оид фавқулодда йиғилиш ўтказилди
Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасининг баёнотига кўра, тожик-афғон чегарасидаги вазият кескин деб баҳоланмоқда.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти