ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи яна кенгайди. Эндиликда 50 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини бепул эмлаш бошланади.
Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда мамлакатда коронавирус инфекцияси боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.
Биринчи навбатда касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилди.
Сўнгги кунларда инфекция билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлигини инобатга олиб, ҳудудларда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга йўналтирилган тиббиёт муассаларининг тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилиш ва зарур дори воситалари захирасини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.
ССВнинг 21 июндаги маълумотларига кўра, коронавирусга қарши эмлаш жараёнида жами 2,9 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилган (1-босқичда – 1,7 млн, 2-босқичда – 1,06 млн, учинчи босқичда 127 минг киши эмланган).