ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Польшада от спортининг конкур йўналиши бўйича Миллатлар кубоги мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Унда ўзбекистонлик спортчи Абдураҳмон Абдуллаев учта медални қўлга киритди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Мусобақада Go for it лақабли тулпор билан қатнашаётган Абдуллаев дастлаб 140 см баландликдаги тўсиқларни 29,56 сония ичида биронта ҳам жарима очкосисиз босиб ўтди ва якунда кумуш медалга сазовор бўлди.
Мусобақанинг иккинчи кунги дастурида спортчи худди шу баландликдаги катта йўналишни босиб ўтиш учун 60,31 сония вақт сарфлади. Бу натижа Абдураҳмон Абдуллаевга бронза медалини тақдим этди.
Ёш чавандоз мусобақанинг навбатдаги кунида 150 см баландликдаги тўсиқларни 26,16 сонияда босиб ўтди. Бу натижани ушбу дастурда иштирок этган ҳеч бир спортчи такрорлай олмади ва Абдуллаев якунда олтин медалга сазовор бўлди.