ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Instagram ижтимоий тармоғида актриса Асал Шодиева номидан сохта аккаунт очиб, фуқарони чув туширган фирибгар аниқланди.
Фирибгар самарқандлик мактаб ўқувчиси экан, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.
Хабарда билдирилишича, 15 март куни Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Д.К. ИИВ бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Аёлнинг сўзларига кўра, қизининг Instagramʼдаги профилига “Сиз 200 000 сўм пул мукофотини ютиб олдингиз” деган мазмундаги ёзма хабарнома келган. Хабарлар “giveaway-asal” ва “asalshodieva_dar1t” номаълум профилдан келган.
Қиз ёзишма жараёнида фирибгарнинг алдовларига ишониб, ўзига тегишли Uzcard банк картасининг коди ва паролини ёзиб берган. Натижада банк картасида мавжуд бўлган жами 600 минг сўм йўқолиб қолган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг “Фирибгарлик” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
“Олиб борилган тезкор-техник тадбирлари натижасида ушбу жиноятни содир этган Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳрида яшовчи 2003 й.т. фуқаро А.А. аниқланди”, - дейилган хабарда.
Ҳозирда ушбу фуқаронинг бошқа турдош жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
ИИВ фуқароларни банк карталарнинг коди ва паролини ҳеч қандай шароитда ҳеч кимга маълум қилмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирган.