Ўзбекистон билан савдо айланмасини фоизга эмас, баробарига оширамиз – Минниханов

Татаристон Ўзбекистон билан машинасозлик, нефтни қайта ишлаш, гидроэнергетика объектлари қуриш ва модернизация қилиш йўналишларида ҳамкорлик қилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтган “Татаристон – Ўзбекистон” бизнес форуми доирасида Татаристон президенти Рустам Минниханов Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга жиддий киришишини маълум қилди. Sputnik мухбири хабарига асосан.
“Сўнгги йилларда республикаларимиз орасида алоқалар жуда илдам ривожланмоқда: мен сизнинг ажойиб ўлкангизга келдим, президент ва бош вазир билан учрашдим. Ушбу ташрифлар ҳамкорлик қилиш учун жуда муҳим импульс берди. Ўз навбатида бош вазир, бош вазир ўринбосари ва ҳокимлар бошчилигидаги Ўзбекистон делегациялари ҳам Татаристонга бир неча бор ташриф буюришди”, - деди Минниханов.
Татаристон ва Ўзбекистон орасидаги муносабатлар 1993 йилда имзоланган ҳукуматлараро келишув ва 1998 йилда имзоланган дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари ҳақидаги шартномаларга асосланган. Қозон Тошкентнинг биродарлашган шаҳрига айланди.
Ўзбекистон, Татаристон ваколатхонаси пайдо бўлган биринчи республикалардан бири бўлди. Қозонда Ўзбекистоннинг бош консулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Республикалар орасида авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Минниханов айтишига қараганда, ўтган йилда республикалар орасида савдо айланмаси бироз камайган бўлсада бу йил бошидан буён ўсиш кузатилмоқда. Лекин ушбу рақамлар фоизга эмас бир неча баробар оширилиши мумкин. Бунинг учун фаол ишлаш керак.
Татаристонда Ўзбекистон савдо ваколатхонаси очилади - Умурзаков
Масалан КАМАЗ компанияси Тошкентда автомарказ очиб, техника жамлаш линиясини ишга туширган. “Татнефть” компанияси ҳам республика ҳудудида АЁҚШлар тармоғи қуриш ҳамда нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларида иштирок этишни режалаштирмоқда.
Шунингдек Тошкент вилоятида агросаноат мажмуаси соҳасида ҳамкорлик қилинмоқда. Татаристоннинг “Химград” технополиси билан ҳамкорликда газмотор ёнилғиси яратиш режалаштирилмоқда.
Ундан ташқари, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик соҳаларида тажриба алмашиш ҳақида ҳам келишиб олинган.
"Биз, Ўзбекистон билан машинасозлик, Ўзбекистонга МИ вертолётларини етказиб бериш, соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Ундан ташқари бизда энергетика ва гидроэнергетика объектлари қуриш ва модернизация қилишда улкан тажриба бор. Ушбу йўналишда ҳам бирга ишлашимиз мумкин", — деди Татарстон раҳбари.
Ўзбекистон компаниялари Татаристонга енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини еткзиб бериши мумкин. Ушбу мақсадларда логистика парки қуриш масаласини келишиб олдик. Бу жуда талабгир лойиҳа бўлиб республикалар орасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш масаласини ҳал қилади, деди Минниханов.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 16 -17 июнь кунлари Ўзбекистон – Татаристон бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси иштирок этмоқда. Бизнес форум доирасида “Made in Tataristan" номли татаристонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилган.