ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Россияда совуқда қолиб кетган ва кўп қаватли қурилиш объектидан йиқилиб тушган фуқаролар Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, навоийлик фуқаро А.Я. Уфа шаҳрига ишлаш мақсадида кетган. 2020 йил декабрь ойида ишсиз, пулсиз қолган ва вақтинчалик яшаш жойидан ҳайдалган. У совуқда кўчада қолиб кетган. Натижада фуқаронинг қўл ва оёғидаги бармоқлари ампутация қилинган
Россияда мажруҳ бўлган фуқаролар Ватанга қайтарилди
© Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги
Шунингдек, андижонлик А.Б оиласидаги молиявий қийинчилик сабабли Санкт-Петербург шаҳрига қурилиш объектларида ишлаш мақсадида кетган. Иш вақтида қурилиш объектининг 3-қаватидан йиқилиб тушган.
Куни кеча бу икки фуқаро Москва-Самарқанд ҳамда Санкт-Петербург-Тошкент йўналишида Ўзбекистонга қайтарилди.
Улар хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилган.
Навоийлик фуқаро А.Я.нинг Ўзбекистонда яқин қариндошлари ва доимий яшаш манзили йўқлиги сабабли Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан фуқарони даволаш-меҳнат терапиясини амалга ошириш ва реабилитация қилиш, кейинчалик "Мурувват" уйига жойлаштириш режалаштирилган.