ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатларини янада кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
“Амирликлар томони Ўзбекистон президентининг Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш ташаббусини амалга ошириш доирасида янги лойиҳавий таклифини тақдим этди”, - дейилган хабарда.
Учрашувда муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компанияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар ҳамда қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида Амирликларнинг давлат бошқаруви соҳасидаги, узоқ муддатли янгиланишлар дастурини шакллантириш ва инновацион тараққиёт йўлига ўтиш борасидаги илғор тажрибасини кенг жорий қилишга қаратилган қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.