ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. “UzAuto Motors” Тожикистонда автомобиль йиғишни йўлга қўяди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тожикистоннинг Бохтар шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон – Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форумида “UzAuto Motors” АЖнинг енгил автомобилларини ишлаб чиқариш "Auto Motors Tadjikistan" қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича битим имзоланган.
Мазкур лойиҳа 2021 йилнинг 21 апрель куни Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири – Шерали Кабирнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган.
Унга кўра, 5-7 май кунлари “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ишчи гуруҳ Тожикистонда бўлиб, ҳамкор “АлюминСохтмон” компаниясининг ишлаб чиқариш қувватини ўрганиб, қўшма корхона яратиш бўйича музокаралар олиб бориб қайтган.
Умумий қиймати 2 млн долларни ташкил қилган лойиҳанинг дастлабки босқичида ишлаб чиқариш ҳажми 10 000 дона транспорт воситасини ташкил этади. Келгусида уни 35 000 донага ошириш режалаштирилган.