ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. 23-24-июнь кунлари Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида Туркий кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши ва Туризм бўйича ишчи гуруҳнинг ХV йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, режалаштирилган йиғилиш Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлганидан кейинги вазирлар даражасидаги биринчи тадбир ҳисобланади.
Йиғилишда Кенгашга аъзо давлатларда туризм соҳасининг пандемиядан кейинги тикланиши, “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда аъзо давлатларнинг йирик шаҳарлари ўртасида халқаро авиарейсларни тиклаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.
Шу билан бирга, хорижий иштирокчилар туризм соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, зиёрат туризм имкониятлари, Фарғона вилоятининг ҳунармандчилик, экотуризм ва гастрономик салоҳияти билан таништирилади.