ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Тожикистонга келди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Душанбе халқаро аэропортида Ўзбекистон етакчисини Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.
Аэропорт олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари ва шиорлар билан безатилган.
Ўзбекистон раҳбарини кутиб олишда кўплаб ёшлар ва ижодий жамоалар ҳам иштирок этди.
Президентлар музокаралар давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон шериклигининг кенг кўламли кун тартибини кўриб чиқадилар ҳамда халқаро ва минтақавий даражадаги алоқалар юзасидан фикр алмашади.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистонга йўл олгани хабар қилинган эди. Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатда 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан бўлади.