Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 730 млн долларлик шартномалар имзоланди

Ўзбекистон ва Тожикистон биргаликда автомобиль, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқаради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Бохтар шаҳрида Ўзбекистон президентининг Тожикистонга ташрифи арафасида биринчи Ўзбекистон – Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Тожикистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, икки мамлакат вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари, чегарадош вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, 300 га яқин тадбиркорлар иштирок этди.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида 50 млн долларлик устав капиталига эга Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция жамғармаси ташкил этилгани тилга олинди.
Форум давомида икки мамлакат ҳудудлари ва тегишли идоралар раҳбарлари сўзга чиқиб, инвестициявий ҳамкорликнинг имкониятлари, шунингдек, автомобиль саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини биргаликда рўёбга чиқариш юзасидан аниқ таклифларнинг тақдимотини ўтказди.
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташриф дастуридан қандай тадбирлар ўрин олган
Форум якунлари бўйича Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим, автомобиль, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқариш, интенсив боғлар, иссиқхона комплекслари, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича битимлар, шунингдек, бир қатор савдо шартномалари имзоланди. Имзоланган ҳужжатларнинг умумий суммаси 730 млн долларни ташкил этди.