ТОШКЕНТ, 9 июн – Sputnik. ЛДПР фракцияси раҳбари Владимир Жириновский, эркак томонидан шапалоқ туширилган Франция президенти Эммануэль Макрон ҳодисасига изоҳ берар экан, "ярамас учун энг жиддий чора кўрилишига" умид қилишини айтди.
Франция етакчиси Эммануэль Макрон сешанба куни Дром департаментига ташрифи чоғида омма орасида бўлган бир эркакдан тарсаки еди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, Франция Республикаси раҳбари Тэн-л'Эрмитаж коммунасида лицейда бўлгач уни тўсиқ ортида кутиб турганлар томон юради.
Одамлар орасида турган эркаклардан бири Макронга тарсаки туширади.
Ҳолатга шу заҳоти қўриқчилар аралашди, тажовузкорлик намойиш этган эркакнинг қўли қайрилди. Ҳодиса натижасида икки шахс қўлга олинди. Қўлга олинганларнинг иккинчиси юз берган ҳодисани видеога олаётган бўлган.
"Биз Франция президентига қўл кўтаришга жазм этган безорининг ҳаракатларидан қаттиқ ғазабдамиз. Давлат раҳбари лавозими муқаддас – у мамлакат рамзидир. Шу боис, президентга берилган ҳар қандай зарба ёки ҳақорат – бу бутун Францияга берилган зарбага тенг. Бу ярамас учун энг жиддий жазо қўлланилади ва унга 10 йил қамоқ жазоси берилади, дея умид қиламиз", - деб ёзган Жириновский ўзининг Telegram-каналида.
ЛДПР раҳбари бу нотўғри ҳаракат эканлигини ва дунёнинг ҳар қандай давлатида бундай ҳолатнинг олдини олиш лозимлигини қўшимча қилган.