"Андижон музқаймоқлари"да ичак касалликларини қўзғатувчи бактериялар аниқланди

Рейд тадбирлари давомида 132 аравачадаги 1 тоннадан ортиқ музқаймоқлар истеъмолга яроқсиз деб топилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июн - Sputnik. Ўзбекистонда кейинги вақтларда оммалашган "Андижон музқаймоқлари" устидан рейд тадбирлари ўтказилди, деб хабар берилди "Бу кун" информацион дастурида.
Аслида “Андижон музқаймоғи” бренди кимга тегишли?
Хабарда айтилишича, 29 майдан бошлаб Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси, солиқ хизмати ва ички ишлар ходимлари томонидан "Андижон музқаймоқлари" устидан рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирлар давомида 132 аравачадаги 1 тоннадан ортиқ музқаймоқлар истеъмолга яроқсиз деб топилган. Сабаби, лаборатория ташхисларида музқаймоқда ичак таёқчаси қўзғатувчиси ҳамда стафилококк ауреус қўзғатувчиси аниқланган.
СЭО ва ЖСХ Тошкент шаҳар бошқармаси овқатланиш бўлими мудири Феруза Хўжаеванинг таъкидлашича, ушбу музқаймоқ сотувчиларининг аксарияти Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ишлаб чиқарилаётган музқаймоққа берилган сертификат нусхасини олиб юрибди. Бу рухсатномалар сотиш учун мўлжалланмаган, дейди у.
Шу кунгача мазкур музқаймоқда касалланиш ҳолати кузатилмагани қўшимча қилинган.
Сал аввал "Андижон музқаймоқлари" савдо белгиси кимга тегишлилиги ҳақида хабар берган эдик.