ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон икки мамлакатнинг шаҳарлари ўртасида автобус қатновини қайта тиклаш истиқболларини муҳокама қилди.
Гап Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Панжакент ва бошқа йирик шаҳарлар ҳақида бормоқда.
Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболларини кўриб чиқди.
Томонлар кутилаётган олий даражадаги ташриф чоғида имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар ва ҳукуматлараро битимларни ишлаб чиқишнинг боришини муҳокама қилди.
Маданий-гуманитар соҳада фаол ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, маданият, санъат, фан арбоблари, шунингдек, икки мамлакат ёшларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига ўзаро сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.
“Ипак йўли” сайёҳлик брендини илгари суриш ва “зиёрат – туризм”ни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.