ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяга саратонни даволаш шифохоналарини қуриш бўйича корейс тажрибаси ва технологияларини ўрганиш мақсадида келди.
“Дунё” АА хабарига кўра, Тошкентда касаллик даражаси юқори бўлган саратон хасталикларини даволаш ва фаолият кўрсатишга ихтисослаштирилган шифохоналарни қуриш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон томони саратон шифохоналарини ташкил этишда Жанубий Корея экспертлари ва етакчи компанияларининг иштирокини таъминлаш борасида таклиф билдирди. Корея Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Квон Док Чол мамлакат ҳукумати "ноу-хау"лардан фойдаланиш орқали Ўзбекистон халқининг саломатлигини яхшилашга ҳисса қўшиш имконига эга бўлишдан хурсанд эканини айтди.
Шунингдек, у соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг йиғилишлари кун тартибини аниқлаб олиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев май ўрталарида Тошкент тиббиёт академияси ҳудудига бориб, Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази биноси учун мўлжалланган жойни кўрган эди. Янги бинони Жанубий Корея тажрибаси ва лойиҳаси асосида қуриш бўйича кўрсатмалар берган эди.