ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида имтиҳонга кечикиб келган ўқувчига танбеҳ берган мактаб директори ўринбосари калтакланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 26 май куни директор ўринбосари А.С. 9-синф ўқувчиси А.Ш. имтиҳонга кечикиб келганлиги сабабли унга танбеҳ берган. Шундан кейин ўқувчи аразлаб мактабдан чиқиб кетиб, шу кун амакисининг ўғиллари М.Ш. ва С.Ш.ларни мактабга олиб келган. Улар директор ўринбосарини хизмат хонасида калтаклаб, унга тан жароҳати етказишган.
Ушбу ҳолат юзасидан Тойлоқ туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан М.Ш. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.