ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Шеробод тумани "Бўстон" маҳалласида ташкил этилган анор боғини кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шерободнинг анорлари катта, мазали, ҳосилдор бўлади. Туманда 48 та маҳалланинг 33 таси анор етиштиришга ихтисослашган. 5 мингдан зиёд аҳоли анор етиштириш билан шуғулланиб, ундан катта даромад топмоқда.
Шундай анорзорлардан бири "Сардорбек Султонбек" масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг "Бўстон" маҳалласида ташкил этилган. Президент ушбу боғни кўздан кечирди.
43 гектар ерда 30 минг донадан зиёд анор экилган. Қозоқи навли ушбу анорнинг бир донаси 1 килограммдан зиёд тош босиши мумкин. Кўчатлар бу йилдан ҳосилга кирди. Йилига жами минг тоннадан зиёд маҳсулот олиш мўлжалланган. Шу ерда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали тадқиқотчилари билан мулоқот бўлди.
Бизда анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ. Анор жайдари усулда етиштириляпти. Касалликдан ҳимоя қилишни ҳамма ҳам билмайди. Энг катта нарса - нав керак. Кейин шу навни хонадонларга киргазиш зарур.
Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини инновацион йўналтириш бўйича институт ташкил этиш, анор билан бирга лимон, хурмо етиштиришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Давлат раҳбари туманнинг "Каттабоғ" маҳалласида анорчилик билан шуғулланаётган Абдураҳмон Каримов хонадонида ҳам бўлиб, аҳоли турмуши ва томорқалардан фойдаланиш ҳолати билан танишди.