ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланадиганлар рўйхати кенгаймоқда. Бу ҳақда республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходими Насиба Тоирова маълум қилди.
“31 май кунидан бошлаб бу рўйхатга чет элга ўқишга борадиган талабалар, оммавий ахборот воситалари (журналистлар, блогерлар), ёзувчилар, телерадиокомпанияда хизмат қилувчи ходимлари қўшилди”, - деди Тоирова.
Ўзбекистонда аҳолини 1 апрелдан коронавирусга қарши эмлаш жараёни бошланган эди. Биринчи навбатда 65 ёшдан юқори кишилар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассаса тарбияловчилари ҳамда сурункали хасталиклари бор фуқароларни эмлашга эътибор қаратилди. Аҳоли ZF-UZ-VAC2001, AstraZeneca ва “Спутник V” вакциналари билан эмланмоқда. Айни кунгача мамлакатда жами 1,9 миллиондан зиёд вакцина дозасидан фойдаланилган.