“Ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман”: Мирзиёев битирувчиларни табриклади

Президент битирувчиларга сиҳат-саломатлик, ишда ва ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини табриклади. Давлат раҳбари матбуот хизмати табрик матнини чоп қилди.
Бугун мамлакатдаги барча мактабларда “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қарийб 438 минг нафар ўқувчи етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олади.
Президент мактабни битириб чиқаётган йигит-қизлардан биронтаси эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади.
“Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади”, - деди Мирзиёев.
Мирзиёев битирувчиларни ўз олдига юқори мақсадлар қўйиб, вақтини беҳуда ўтказмай, доимо билим ва кўникмаларини ошириб боришга чақирди. У янги касб-ҳунар эгаллаш ва энг асосийси ўз мақсади сари тинмай ҳаракат қилиш албатта келгусидаги муваффақиятлар гарови эканига ишонч билдирди.
“Мустақил ҳаёт сари ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин! Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз болаларим!”, - дейилади президент табригида.
Охирги тўрт йилда мамлакатда134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилиниб, тубдан таъмирланган ва жиҳозланган.
Ҳозирги вақтда республикамизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда.
Мактабларда “Сўнгги қўнғироқ”ни ўтказишга рухсат берилди
Жумладан, 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.
Охирги бир ярим йилда иқтидорли ўқувчилар халқаро олимпиадаларда 4 та олтин, 18 та кумуш, 30 та бронза медалини қўлга киритган.