ТОШКЕНТ, 25 май —Sputnik. Ўзбекистон Молия вазирлиги 2020 йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисида батафсил ҳисоботни тақдим этди. Унда Ўзбекистоннинг энг йирик 20та солиқ тўловчи компаниялари номлари айтиб ўтилган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Давлат бюджетининг деярли ярми (47,6%) – 20 та йирик солиқ тўловчилар томонидан бажарилган.
Энг йирик солиқ тўловчиси - “Навоий кон-металлургия комбинати” бўлиб жами солиқларнинг 23,1% ушбу корхона ҳисобидан тўлдирилган.
Иккинчи ўринда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” – бюджетнинг 7,4 % солиқларини тўлаган.
Кейинги ўринларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ – 4,5 %, “Ўзтрансгаз” АЖ – 3%, Uzauto motors АЖ – 1,5 %, “Uzbat” АЖ – 1,4 %, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ – 1,3 %, Lukoil – 1 % ва бошқалар.
Харажатлар таркибида 51,5 % маблағ ижтимоий соҳага сарфланди. Бу ерда, одатдагидек, биринчи ўринда таълим соҳаси бўлди. Ушбу соҳага деярли 30 триллион сўм сарфланган. Ушбу маблағнинг асосий қисми – 73% умумтаълим соҳасига сарфланди. 16,3 % – мактабгача таълим ва 10,7 % - кадрлар тайёрлашга йўналтирилган.
Ижтимоий харажатларнинг иккинчи йирик бўлими – Соғлиқни сақлаш соҳаси бўлиб, ушбу соҳага 19,3 триллион сўм сарфланган.
Кейинги ўринларда – Нафақа ва моддий ёрдам (8,1 трлн.), маданият ва спорт (2,36 трлн.) ҳамда аҳоли бандлигини ошириш (1,3 трлн) соҳалари ташкил қилган.