ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Ўзбекистонда қурилиш объектлари назоратчилари маоши 1 августдан оширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги “Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 321-сонли қарорида назарда тутилган, деб хабар қилмоқда “Норма” ахборот-ҳуқуқий портали.
Маълум қилинишича, буюртмачи хизматлар Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган малака тоифаси асосида техник назорат соҳасидаги масъул мутахассисларга улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги тариф коэффициентларига 2021 йил 1 августдан бошлаб:
биринчи тоифа учун - 0,2 миқдорда;
иккинчи тоифа учун - 0,5 микдорда;
учинчи тоифа учун - 0,7 миқдорда;
олий тоифа учун - 1,0 миқдорда коэффициент қўшилади.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 июндан бошлаб буюртмачи хизматининг штатлар жадвали ва таъминот ҳаражатлари сметасини рўйхатдан ўтказишда техник назорат мутахассислари учун хизмат сафари харажатларининг объектлар жойлашган масофадан келиб чиқиб, жорий нархларда белгиланади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21 май куни кучга кирган.