ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. 10 ёшли фарғоналик Саиджон Салимжоновга президент совғаси – энг замонавий шахмат дастурлари жамланган компьютер совға қилинди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
14 май куни президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган болалар билан суҳбатлашган эди. Саиджон Салимжонов президент билан суҳбатда ўз қизиқишлари билан ўртоқлашган эди.
Саиджон айни пайтда Фарғона шаҳридаги 28-сонли умумтаълим мактабининг 3-"А" синфи ўқувчиси саналади. У дарслардан бўш вақтида шахмат билан шуғулланиб туради ва келажакда профессионал шахматчи бўлишни орзу қилади. У Фарғонада очилган Тошкент Халқаро шахмат академиясининг филиалида ўз ёш тоифасида таҳсил олиб келмоқда. Мураббийи Равил Винерович раҳбарлигида бир қатор мусобақаларда қатнашиб, шаҳар ва вилоят босқичларида ғолибликни ҳам қўлга киритган.
“Энди севимли машғулотим шахмат билан янада жиддий шуғулланиб, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан”, - деди Саиджон ўз қувончларини яшира олмасдан.
Ҳозирда Саиджон юқоридаги тиббиёт марказида даволанмоқда. Шифокорлар унга жигар хавфли ўсмаси ташхисини қўйган.
Марказда даволанаётганлар орасида шахматга қизиқадиган болалар кўпчиликни ташкил қилади. Шуни инобатга олган ҳолда Туризм ва спорт вазирлиги номидан вазир ўринбосари Авазжон Каримов бу ерда даволанаётган бошқа беморларга ҳам шахмат анжомларини тарқатди.
15 май куни Саиджонга президент номидан профессионал шахмат доскаси совға қилинган, шунингдек, шахмат бўйича мураббий ҳам бириктирилган эди.