ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. 20 май куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати 180-220 МВт бўлган қуёш фотоэлектр (қуёш) станцияларини қуриш лойиҳалари бўйича тендер ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
"Abu Dhabi Future Energy company PJSC (Masdar)" (БАА) ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 1,823 АҚШ центга тенг бўлган тарифи билан Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида қуёш электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер ғолиби деб эълон қилинди.
"Jinko Power Technology Co. Ltd.", "China Power International Holding (CPIH) Ltd." ва "Jinko Power (HK) Co. Ltd." консорциуми ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,305 АҚШ центга тенг бўлган тарифи билан ушбу тендернинг захира ғолиби деб эълон қилинди.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қуёш электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендерда ҳам Abu Dhabi Future Energy company PJSC (Masdar)" компанияси ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун тарифни 1,791 АҚШ центга баҳолаб ғолиб деб эълон қилинди.
Мазкур тендер бўйича ҳам "Jinko Power Technology Co. Ltd.", "China Power International Holding (CPIH) Ltd." ва "Jinko Power (HK) Co. Ltd." консорциуми ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,228 АҚШ центга тенг бўлган тарифи билан тендернинг захира ғолиби деб эълон қилинди.
Қуёш электр станциялари 2022 йилнинг охиригача ишга туширилиши кутилмоқда. Электр станцияларининг ишга туширилиши йилига 1,04 млрд. кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлайди. Ушбу икки лойиҳани амалга ошириш учун жалб қилинадиган инвестициялар миқдори 400 млн долларга баҳоланмоқда.
Қайд этиш жоизки, “Masdar” компанияси Ўзбекистондаги қатор лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Хусусан, Навоий вилоятидаги умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини, Зарафшон шаҳрида 500 Мвт қувватга эга бўлган шамол электр станциясини қуриш билан шуғулланмоқда.