Бош прокуратура дахлсизлик ҳуқуқи бекор қилинган андижонлик депутат ҳақида маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ҳақида тарқалган хабарлар жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Бош прокуратура халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.
Баёнотда таъкидланишича, Андижон шаҳар прокуратураси 3 март куни “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228 ва 229-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, ўзбошимчалик) билан жиноят иши очган ва Андижон шаҳар ИИО Тергов бўлимига юборган.
Аниқланишича, МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 2017 йил 15 июлдаги қарори билан Андижон шаҳар, Бўстон даҳаси, У.Юсупов кўчасида жойлашган 4 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган.
Бироқ “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.
Шу билан бирга, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган “Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи”ни сохталаштириб, қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олган. Жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган.
Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.
Бундан ташқари, ноқонуний қурилиш қилинган 0,36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн сўм миқдорда зарар етказилган.
Давлат солиқ қўмитаси депутат Расул Кушербаев билан судлашмайдиган бўлди
Терговда “Alliance R.C.” МЧЖнинг раҳбари ҳисобланган Ш.К. халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати эканлиги аниқланган.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, депутат Ш.К.ни айблаш учун асослар етарли деб топилган ва 6 май куни шаҳар прокурори халқ депутатлари уни депутатлик мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида тақдимнома киритган.
Тақдимнома 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилиб, Ш.К.нинг депутатлик мақоми бекор қилинган.
Иш бўйича тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Избоскан тумани прокуратурасига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида депутатлар тинтув қилингани, бир депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.