ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik.14-15-май кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳрида навбатдаги “Стихия” электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали бўлиб ўтди. Унда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Латвиядан келган DJ’лар қатнашишди.
Ижтимоий тармоқларда гўёки “ушбу тадбир давомида содир бўлган” дея айтилган беҳаё видеолавҳа тарқалди.
Кадр из видеоролика
Ушбу ҳолат юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
“Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда "Akustika fakulteti" МЧЖ нафақат фестивал, балки унинг иштирокчилари ва ташкилотчиларини ҳам обрўсизлантирадиган ушбу видеолавҳанинг “Стихия” фестивалига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ва унинг тадбирдан бир неча йил илгари тасвирга олинганини расман маълум қилади. Бунга доир техник тасдиқ ҳам мавжуд. Ушбу видеолавҳа португал тилидаги порнографик сайтдан олинган бўлиб, ундан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланилган”, - дейилган баёнотда.
Таъкидланишича, тадбирда 1500 га яқин иштирокчи расмий рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон (730 нафар), Қозоғистон (421 нафар), Россия Федерацияси (152 нафар), Европа Иттифоқи давлатларидан (56 нафар) ташриф буюришган.
Тадбирлар ўтказилган ҳудуд хавфсизлиги Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий гвардияси томонидан таъминланди.
Шу билан бирга, фестивал иштирокчиларининг қизиқарли ва мазмунли дам олиши учун “Стихия Н+1” экологик минифоруми томонидан ташкил этилган "6 миллиард дарахт" лойиҳаси доирасида қурғоқчиликка чидамли дарахт кўчатларини экишга доир аксия ўтказилди. Бундан ташқари, Арт-инсталляциялар ва ёш рассомларнинг асарлари намойиш этилиб, уй қурилишига оид маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.