ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан йилга ўсиб бормоқда. Масалан, Европа Иттифоқида ҳар йили 3,5 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Онкологик хасталиклар ичида энг кўп учрайдигани сут бези саратонидир. Кейинги ўринларда меъда, ўпка ва бачадон бўйни саратони туради.
Бачадон бўйни саратони – бу 100 фоиз олдини олиш мумкин бўлган ягона саратон касаллигидир. Касалликни келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98-99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) ҳисобланади.
Саратон касаллигидан олдин эса саратон олди ҳолатлар кузатилади. Агар касаллик эрта аниқланса даволаш учун зарур бўлган вақт етарли бўлади. Одам папиллома вирусини эрта ташхислаш ва даволаш натижасида бачадон бўйни саратони билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари камаяди.
Шу мақсадда 8 апрелдан Вирусология ИТИ ва Жанубий Кореянинг KOFIH фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туман кўп тармоқли поликлиникаси, Юнусобод туман кўп тармоқли поликлиникаси ва 1- ва 2-сонли марказий клиник-диагностик поликлиникаларида ББСга скрининг текширувлари бошланди. Рўйхатда турган 30 ёшдан 49 ёшгача бўлган барча аёллар ББР (бачадон бўйни раки)га бепул текширилмоқда.
Ҳозирги кунда скрининг жараёни давом этмоқда. 1000 яқин 30 ёшдан-49 ёшгача бўлган аёллар ББ ракига текширилди ва текшириш жараёнида аниқланган ўзгаришлар тегишли шифокорлар томонидан назоратга олинмоқда.