ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Жорий йилнинг 19-22 май кунлари Тожикистонда Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади. Бу ташаббус Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан билдирилган.
Тадбир давомида тожикистонлик мухлисларга “Илҳақ”, “Рангсиз тушлар”, “Халқ юраги”, “Ҳамкорлик бўйича навбатчи” каби янги ўзбек фильмлари кўрсатилади. Шунингдек, ўзбек киносининг нодир дурдоналарига айланган “Келинлар қўзғолони”, “Сеҳрли сандиқ” сингари фильмларнинг намойиши бўлиб ўтади.
Ўзбек киноси кунларининг очилиши 19 май куни соат 19:00 да Душанбе шаҳридаги "Наврўз" саройида бўлиб ўтади. Тадбир дастуридан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумларни имзолаш, кинонамойишлар ва икки давлат киноижодкорларининг учрашувлари ўрин олган.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан чоп этилган китоб ва альбомларнинг тақдимоти ҳам ўтказилади.