Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши – Асадов

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг сўзларига кўра, минтақанинг барча мамлакатлари билан фаол изчил муносабатлар йўлга қўйилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Марказий Осиё мамлакатлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов Sputnik мухбирининг саволига жавоб бераётиб маълум қилди.
Асадовнинг сўзларига кўра, минтақанинг барча мамлакатлари билан фаол изчил муносабатлар йўлга қўйилган. Апрель охирида президент Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафар қилди. Март ойи бошларида Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди.
Шавкат Мирзиёев июнь ойида Тожикистонга сафар қилади
Асадов куни кеча Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода Тошкентга келгани ва Ўзбекистон етакчиси қабулида бўлганини эслатди. Қолаверса, мунтазам равишда ҳар ҳафта Марказий Осиё етакчилари билан телефон мулоқотлари ўтказилмоқда.
“Эпидемиологик вазиятга келиб чиққан ҳолда июнь ойида Тожикистонга ташриф режалаштирилган. Бўлажак ташрифлар ҳақида (Марказий Осиё мамлакатларига – Sputnik.) сизларни хабардор қиламиз”, - деди у брифинг давомида.
Шунингдек, Асадов бошқа давлатларга сафар қилиш қарори пандемия билан боғлиқ вазият яхшиланишига қараб қабул қилинишини қўшимча қилди.