Тартибсизликлар ва келишилган ўйинлар: футбол клублари мураббийлари жиддий огоҳлантирилди

ЎФА раҳбарияти мураббийларни келишилган ўйинлар каби иллатларга аралашмаслик борасида жиддий огоҳлантирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) президенти Абдусалом Азизов барча клублар раҳбарлари ва бош мураббийлари билан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Унда ЎФА раҳбарияти ҳар бир жамоада мавжуд муаммолар тинглаган. Уларни моддий ва ташкилий масалаларда қўллаб-қувватлаш мавзуси кўтарилди.
“Шунингдек, сўнгги пайтларда чемпионатларда кўп учраётган тартибсизликлар танқид қилинди. Мураббийлар келишилган ўйинлар каби иллатларга аралашмаслик борасида жиддий огоҳлантирилди”, - дейилган хабарда.
Клублар вакиллари кўтарилган муаммоли масалалар юзасидан ЎФА масъулларига топшириқлар берилди. Мураббийлар малакасини ошириш, клубда раҳбар ва мураббий ваколатларини тартибга келтириш, ёш футболчилар етиштиришга янада жиддий эътибор қаратиш, савиясиз легионерлар муаммосини бартараф этиш, VAR тизимини такомиллаштириш ҳамда стадионларнинг ёритиш ускуналарини жаҳон стандартларига мослаш каби масалаларда вазифалар белгиланди.
“Сўғдиёна”-“Турон” учрашуви бош ҳаками номуайян муддатга ҳакамликдан четлатилди
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон суперлигасининг 5-тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Пахтакор” учрашувида тартибсизликлар юзага келиб, ҳакамлар ва пойтахт жамоасига турли буюмлар улоқтирилган эди. Ундан аввал эса “Нефтчи” — “Турон” учрашувидан кейин “Нефтчи” футболчилари ва мухлислари ҳакамларга ҳужум қилишган эди.