ТОШКЕНТ, 15 май – Sputnik. Тожикистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқизода Завқи Аминни қабул қилди.
Учрашувда икки давлат вакиллари ўзаро савдонинг барқарор ўсиб келаётганини таъкидлашди ва ўтган 4 йил мобайнида бу кўрсаткич 4 баробардан зиёд ошгани қайд этилди.
Шу билан бирга мавжуд техник тўсиқларни бартараф этиш, савдо тартибларини соддалаштириш ва ўзбек ва тожик ишлаб чиқарувчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш бўйича амалий ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ундан ташқари томонлар Ўзбекистон Республикаси президентининг июнь ойида Тожикистонга бўладиган ташрифининг кун тартибини тайёрлаш бўйича ишларни давом эттириш ва фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Музокаралар якунида белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга келишилди.