АҚШ Афғонистондаги базаларини Марказий Осиё мамлакатларига кўчиришга умид қилмоқда

АҚШ Афғонистон билан қўшни бўлган давлатларда ўз ҳарбий базаларини жойлаштириш имкониятини ўрганмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 май - Sputnik. Америка Қўшма Штатлари Афғонистондан қўшинларни чиқаргандан сўнг ҳарбий базаларни Марказий Осиёда жойлаштириш вариантларини кўриб чиқмоқда, деди АҚШ Мудофаа вазирининг Ҳиндистон ва Тинч океани минтақаси хавфсизлиги масалалари бўйича ёрдамчиси Девид Хелви АҚШ Вакиллар Палатасининг Қуролли кучлар қўмитасида бўлиб ўтган тингловда.
АҚШ Марказий Осиёда ҳарбий база учун жой излаяпти. Пентагон Ўзбекистонни танлайдими?
Бундай чора ўрганилишидан мақсад, Афғонистон ҳудудидаги террорчиларга қаршилик кўрсатиш эканлиги қўшимча қилинган.
"Биз таҳдидларни кузатиш ва тўхтатиш имкониятларини сақлаб қолишга қодир бўлиш мақсадида минтақада ҳарбийларни ва разведка имкониятларини сақлаб қолиш вариантларини ўрганишни истар эдик", - деб айтган Хелви АҚШ Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларда америка базаларини жойлаштириши ҳақидаги саволга изоҳ берар экан.
У шунингдек, АҚШ ҳарбий раҳбарияти Афғонистон устидан парвозларни амалга ошириш имкониятини сақлаб қолишга умид қилаётганини қўшимча қилган.
“Толибон”* Афғонистон шимолини назоратга олмоқда – Марказий Осиё хавф остида
Пентагон вакили шу билан бирга, ҳозирча америка базаларини жойлаштириш бўйича ушбу республикалар билан аниқ келишувларга эришилмаганини қайд этган.
"Бизнинг бу мамлакатларнинг бирортаси билан келишувимиз йўқ. Аммо барча вариантларни кўриб чиқяпмиз", - деган Хелви.
Сал аввал америка бизнес нашри бўлган Wall Street Journal АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини чиқаргач, уларни Марказий Осиё мамлакатларида жойлаштириши мумкинлиги, аммо айни вақтда келишувлар йўқлиги ҳақида хабар қилган эди.
Пентагонга нега Марказий Осиёда жой йўқ
Президент Жо Байден маъмурияти вакиллари ва айрим ҳарбийлар фикрича, қўшинларни Афғонистон билан умумий чегарага эга бўлган Ўзбекистон ва Тожикистонда жойлаштириш айни муддао бўлур эди. Бу зарурат туғилганида мамлакатга кириш имконини берарди.
Аммо баъзи манбалар, Россиянинг "катта ҳарбий мавжудлиги" ва тобора ошиб бораётган Хитой таъсири туфайли бу республикаларда базаларни жойлаштириш мураккаб ишлигини таъкидлашган.