ТОШКЕНТ, 12 май - Sputnik. Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 14, 15, 16 май кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
2021 йил Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили", деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган эди.
Турли фестивал ва мусобақалар ўтказиб, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, нуфузли халқаро танловларга олиб чиқиш изчил давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.
Шуни алоҳида эътиборга олган ҳолда Чирчиқ шаҳрида бўладиган фестивал кенг қамровли мавзуларда ўтказилади. Айни пайтда бу ерда қизғин тайёргарлик кетмоқда.
Мазкур тадбирда умумий ҳисобда 15 минг нафар ёшалрни қамраб олишни режалаштирилган.
Турли кўнгилочар шоу-дастурлар, машҳур бизнесменлардан тренинглар, спортчилардан мастер класс, дизайнер ва мода дефилелари бўлиб ўтади. Шунингек, 50 нафар болаларнинг суннат тўйи қилиб берилади. Югуриш ва веломарафон, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинади.
Ўз навбатида спортга қизиқувчи ёшлар учун жаҳон ва мамлакатимиз миқёсида профессионал тарзда фаолият юритаётган спортчилар ўз маҳоратини намойиш этади.